ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИ ТАРИХИДАН
Ўзбекистон ҳудудида ҳозирги тушунчадаги жазони ижро этиш колониялари фаолияти ўлка чор империяси томонидан босиб олингандан кейингина вужудга кела бошлаган. Ўшангача Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларида қадимдан қолган зиндонлар бор эди, холос. Уларда жиноят содир этган шахсларга шариатдаги жазо тайинланиб, ижро этилгунча сақлаб турилган.
Туркистон ўлкаси чор империяси томонидан қурол кучи билан босиб олингач, мустамлакачиларга қарши кураш кучайиб кетди. Халқнинг озодликка бўлган интилишини сўндириш, ёшларнинг қалбига қўрқув солиш, шунингдек, аҳоли орасида учраб турадиган турли даражадаги жиноятчиларни сақлаб туриш учун кўп сонли жазони ижро этиш муассасалари ташкил этилди.
Улар Россия империясида амалда бўлган қонунларга мувофиқ фаолият кўрсатар, шунинг учун ҳам қолоқ хонликлардаги зиндонлардан кўра шароит бирмунча яхши эди. Бироқ миллий озодлик йўлида курашган ватанпарварларнинг ёппасига қамоққа олиниши туфайли ўлкада қамоқхоналар сони тезлик билан кўпайиб борган.
Хусусан, ХХ аср бошларида Туркистон генерал-губернатори қошидаги махсус маҳкама ўлканинг турли ҳудудларида жойлашган 67 та қамоқхонани бошқариб турган. Мазкур қамоқхоналар бошқарувига маҳаллий ҳокимият органлари ҳам жалб этилган. Маҳкумларнинг озиқ-овқат таъминоти, турмуш шароитлари эса махсус тузилган васийлик кенгашлари томонидан қисман назорат қилинган.
1917 йилги Октябр инқилоби туфайли собиқ Россия империясининг барча ҳудудлари каби мазлум Туркистон заминига ҳам адоқсиз мусибатлар ёғилди. Ўша кунгача бир давлат, бир миллат, бир эл бўлиб яшаб келган халқлар бир-бирига тиғ кўтарди. Ака укага, ота болага, шаҳар қишлоққа, бой камбағалга қарши қурол кўтариб чиқди. Ўлканинг ҳар бир қарич ерида биродаркушлик урушлари авж олди. Ҳукумат бошқарувига келган шўролар тузуми ўзини камбағалпарвар, эзилган халқларнинг ҳимоячиси қилиб кўрсатиш мақсадида қамоқхоналар дарвозаларини ланг очиб юбориши натижасида минглаб жиноятчилар кўчага чиқиб кетди. Бу ҳолат қалтис бўлиб турган вазиятни баттар чигаллаштириб, шаҳару қишлоқларда ўғрилик, талончилик, безорилик авж олишига сабаб бўлди.
Фуқаролар урушида асосан рус аскарларининг қуролига суянган шўро ҳокимияти озгина мустаҳкамланиб олгач, бир-икки йил бурун ёпиб ташланган қамоқхоналарнинг барчасини қайта ишга туширди. Шўролар тузумининг ғояларини ёқламаган ёки миллатининг эркин бўлишини хоҳлаган одам борки, шу қамоқхоналарга ташланди. Қамоқхоналарнинг сони камлик қила бошгач, яна янгилари ташкил этилди. Хусусан, бир вақтнинг ўзида ўн минглаб одамларни сақлаб туришга мўлжалланган концлагерлар тизими қурилди. Уларга миллатнинг гули бўлган зиёлилар, муқаддас ислом дини намояндалари, бой-бадавлат савдогарлар, саноатчи тадбиркорлар, қўйингки, мустақил фикрга эга бўлган ҳар қандай инсон жўнатилар эди.
Шўролар ҳукумати дастлаб икки хил қамоқхона — тергов остида бўлган шахсларни сақлашга мўлжалланган қамоқ уйлари ҳамда маҳкумларни сақлаш учун ахлоқ тузатиш уйлари ташкил этган. Қамоқ уйлари Маҳаллий ижроия қўмиталари ихтиёрида, ахлоқ тузатиш уйлари эса қамоқхоналар бошқармаси ихтиёрида бўлган.
Лекин энг кўп сонли маҳкумлар революцион ўзгаришлар учун хавф солувчи шахсларни алоҳида сақлаш учун ташкил этилган концентрацион лагерларда ушлаб турилган. Жаҳон афкор оммасини чалғитиш учун бундай лагерлар аввалига меҳнат колониялари деб номланган.
Шўролар тузумининг мудҳиш жиноятларидан яна бири шу эдики, жаҳон тарихида ҳеч кўрилмаган, энг ёвуз, энг золим ҳукмдорнинг ҳам хаёлига келмаган янги турдаги қамоқхоналар ташкил этилди. Жумладан, Маориф халқ комиссарлиги билан қамоқхоналар бошқармаси ҳамкорлигида таъсис этилган ва реформаториум деб номланган янги қамоқхонада асосан балоғатга етмаган маҳкумлар сақланар эди. Ҳали ақли тўлишмаган, суяги қотмаган ёш болаларни ҳибсда сақлаётганимиз йўқ, аксинча, уларга тиббий хизмат кўрсатиб, таълим бермоқдамиз, дея жар солинди. Лекин бу муассасалардаги шарт-шароит мавжуд қамоқхонадагилардан деярли фарқ қилмас эди.
Ўта кўп сонли қамоқ жойлари турли идоралар қошида мавжудлигини эътиборга олган ҳолда бошқарувчилик вазифаси Адлия халқ комиссариатининг жазо бўлими зиммасига юклатилган, у орқали эса маҳкумлар концлагер ва бошқа қамоқхоналарга тақсимланган.
Барча қамоқхоналарни бирлаштириш ва уларни бошқаришда яхлитлик ўрнатиш мақсадида 1923 йили Ички ишлар Халқ комиссарлигининг Қамоқхоналар бошқармаси ташкил этилади. Таркибига 4 мустақил бўлим ва девонхона кирган мазкур бошқарма зиммасига озодликдан маҳрум этиш ва мажбурий меҳнатга жалб этиш жазосига ҳукм этилганларнинг ҳукмларини ижро этилиши бўйича умумий раҳбарлик қилиш, барча қамоқхоналарни бошқариш, маҳкумларни алоҳида сақлаш ва тарбиявий ахлоқий — меҳнат таъсири ўтказишнинг зарурий чораларини қўллаш йўли орқали жазо сиёсатининг асосий қоидаларини ҳаётга тадбиқ этиш, болалар ўртасида жиноятчиликка қарши кураш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва кичик ёшдаги жиноятчилар қамоқхоналарини бошқариш, қамоқхоналар ва улардаги маҳкумларни жойларга тақсимлаш, қамоқхоналар учун йўл-йўриқлар, Низомлар, қўлланмалар, қоидалар ишлаб чиқиш, Ички ишлар Халқ комиссариатининг рухсати билан янги қамоқхоналар қуриш вазифаси юклатилган.
Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланишидан кейин 1924 йил октябрда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси эълон қилинди, 1924 йил 22 ноябрда эса Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Ички ишлар халқ комиссариати ташкил этилди, унинг таркибига қамоқхоналар бўлими ҳам кирар эди. 1994 йилдан эътиборан худди шу кун Ўзбекистон Республикасининг жазоларни ижро этиш тизими куни деб қабул қилинди.
Бўлим ўзининг даслабки кунлариданоқ пенитенциар тизимини қайта қуришни, маҳкумларни турмада сақлашдан ахлоқ тузатиш меҳнат муассасаларига ўтказишни бошлайди. Маҳкумлар қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилади, турли ҳунар билан шуғулланади, фабрика ва заводларда ишлайди. Маҳкумларни ахлоқ жиҳатдан тузатиш ва саводсизликни тугатиш асосий вазифалардан бири деб эълон қилинади.
Бу даврда жазоларни ижро этиш тартиб ва шартларини белгиловчи қатор меъёрий — ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 1924 йил 12 декабрда дастлабки Ахлоқ тузатиш — меҳнат кодекси қабул қилинди. У 1918 йилдан буён амалда бўлган «Жазо чоралари ва уни ўташ тартиби сифатида эркинликдан маҳрум этиш ҳақидаги муваққат йўриқнома» ўрнига келган эди.
Жазони ижро этиш тизимларининг давлат органларидаги ўрнини аниқ белгилаш жараёни узоқ давом этди. 1927 йилда Ички ишлар халқ комиссарлиги тугатилиши муносабати билан Қамоқхоналар бош бошқармаси мустақил идорага айлантирилади. Орадан бир йил ўтгач, Ички ишлар халқ комиссарлиги қайта тикланади ва Қамоқхоналар бош бошқармаси мустақил бўлим ҳуқуқи билан унинг таркибига киритилади. 1930 йили эса Бошқарма Адлия халқ комиссарлиги ихтиёрига берилади, 1934 йил 8 декабрдан эса яна Ўзбекистон ички ишлар тизимига қайтарилган. Бу пайтда асосий пенитенциар муассасалар Тошкент шаҳрида, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона водийси вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатган.
Жазони ижро этиш тизимини бошқаришда турли ислоҳотлар доимий амалга ошириб келинган бўлса ҳам, бевосита қамоқхоналарнинг ўзидаги шарт-шароит ўта оғирлигича, ўша чор императори давридагидек, балки ундан-да ёмонроқ аҳволда қолган эди. Атрофи пахса девор билан ўралган, жуда кўп маҳкум сақланадиган тор ва зах хоналарда керосин чироқлари кечаю-кундуз тутаб ёнарди.
Мудофаанинг асосий усули минора бўлиб, уларга кўпинча ўз-ўзини муҳофаза қилиш гуруҳларидан яхши хулқли маҳкумлар тайинланган. Пахтаванд билан ўқланган эски усулдаги карабин тутган бу маҳбуслар худди ўзи каби бошқа маҳкумларни қўриқлаб турарди.
Маҳкумлар фуқаролик кийими ва пойабзал кийган, ўз ҳисобларидан овқатланган. Муассасалар маъмурияти вақти-вақти билан энг зарур буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини ташкил этган. Кейинчалик шу асосда муассасалар қошида доимий амал қилувчи савдо шахобчалари ташкил топган.
Ўтган асрнинг 30 йиллари бепоён шўро давлатида мисли кўрилмаган очарчилик ва бунинг натижасида давлатга қарши исёну қўзғолонлар кучайиб кетиши билан халқнинг ёдида қолган. Норозиликларни бостириш учун ҳукумат томонидан ўта кескин жазо чоралари кўрилади.
Тобора кучайиб бораётган оммавий жазо машинаси 1939 йилда қудрат чўққисига кўтарилади. Шу йилдан бошлаб, жазодан шартли равишда муддатидан олдин озод этиш бекор қилинди, кузатув ҳайъатлари ўз фаолиятини деярли тўхтатди, тизим муассасаларида прокурорлик назорати анча сусайди. Маҳкумлар орасидаги тезкор иш муассасалар фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Иккинчи Жаҳон уруши бошлангач, унча хавфли бўлмаган жиноят учун қамалганлар жазодан озод этилиб, фронтга жўнатилди. Қамоқхоналарнинг кўплаб ходимлари ҳам ҳаракатдаги армияга ихтиёрий равишда кетди.
Бу даврда қамоқхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти бутунлай фронт манфаатига йўналтирилиб, ахлоқ тузатиш — меҳнат муассасаларининг корхоналари фронтга зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мослаштирилди.
Уруш ва ундан кейинги даврда жазони ўташ тизимига уруш қатнашчиларининг катта гуруҳи — мафкуравий чиниққан, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган ҳалол, қатъиятли кишилар келиши жазони ижро этиш тизимидаги шарт-шароитнинг бирмунча яхшиланишига сабаб бўлди. Улар жароҳатлари тузалгач, кичик командирларни тайёрлаш курсларида ўқитилиб, кейинчалик назоратчи лавозимларига тайинланар эди.
Уларнинг кўпчилиги қолган умрларини Қонун ва ахлоқ қоидаларини бузган шахсларни қайта тарбиялаш ва уларнинг ахлоқларини тузатишдек машаққатли ва масъулиятли ишга сарфлашди. Улар махсус маълумотга эга бўлмаган ҳолда ўзларининг кундалик машаққатли меҳнати, ишга нисбатан ҳалол муносабатлари туфайли ҳақли равишда ҳурмат қозонганлар, ўз атрофларида пенитенциар тизим ходимларининг янги авлодини шакллантирган.
1954 йил бошида Адлия вазирлигининг ахлоқ тузатиш — меҳнат лагерлари ва колониялари бошқармаси таркибида қуйидаги муассасалар фаолият кўрсатган:
Ахлоқ тузатиш — меҳнат лагерлари, шу жумладан, 2 та аёллар колонияси;
Ўғил болалар учун 2 та болалар колонияси;
Болаларни жамлаш - тақсимлаш муассасалари;
Ахлоқ тузатиш - меҳнат ишлари инспекциялари;
марказий база ва 2 та захирадаги бўлинма.
1958 йилга келиб ахлоқ тузатиш — меҳнат муассасаларида маҳкумларни сақлашнинг туркум тизими жорий этилади, бу махсус контингент билан янада аниқ мақсадларга йўналтирилган шахсий тарбиявий ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш имконини берган.
60-70 йилларда пенитенциар тизими фаолияти бўйича қонунчилик асосларини такомиллаштириш давом этади.
Ҳукуматнинг 1961 йил 3 апрел кунидаги қарори билан «Ахлоқ тузатиш — меҳнат колониялари ва қамоқхоналари ҳақида низом» эълон қилинади. 1969 йилда «Ахлоқ тузатиш - меҳнат қонунчилиги асослари» ва «Дастлабки қамоққа олиш ҳақидаги низом» қабул қилинади. Ушбу меъёрий ҳужжатлар асосида 1970 йилда Ахлоқ тузатиш - меҳнат кодекси қабул қилинади.
1963 йилда рағбатлантириш чораси сифатида ахлоқини тузатишга астойдил бел боғлаганларни ёпиқ усулдаги колониялардан манзил колонияларга ўтказиш тизими қўлланила бошлади.
Маълумки, шўролар даврида маҳкумлар меҳнатидан энг оғир участкаларда фойдаланилган. Миллионлаб маҳкумлар Сибир ўрмонларида, Қозоғистон даштларида ўта оғир, оддий инсон бардош бера олмайдиган шароитда текинга ишлатилган. Ушбу амалиёт ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ҳам, сал енгилроқ кўринишда бўлса-да, Ўзбекистонда ҳам давом этган.
50-йиллар охиридан 70-йилларнинг бошларига қадар Қизилқум Марказида маҳкумлар меҳнатидан турли иншоотлар қурилишида кенг фойдаланилди. 70-йилларда хўжалик идоралари маблағлари ҳисобига қатор муассасаларда йирик цехлар, энергия таъминоти линиялари, сув қувур тармоқлари ва тозалаш иншоотлари қурилди.
Қисқа вақт ичида мураккаб маҳсулот турлари ўзлаштирилди ва улар нафақат мамлакат ичкарисида, балки хорижга ҳам сотила бошлади. Масалан, тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган экскаваторлар жаҳоннинг 18 мамлакатига етказиб бериларди, қўл фильтрлари Миср Араб Республикасига, кон вагонеткалари Мўғулистонга, кўп уяли пахта экиш сеялкалари Жазоир Республикасига юбориларди.
Тизим ихтиёрига берилган иккита ярим вайрона, зарарига ишлайдиган ғишт заводи қисқа вақт ичида қайта тикланиб, йилига 80 млн донагача пишиқ ғишт тайёрлаб бера бошлади. Ихтисослаштирилган ипакчилик мажмуи, темирйўлчилик пресслаш жиҳозлари, цистерна насослари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, қуёш сув иситгичлари, буғлаб совутадиган кондиционерлар, темир жавонлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Эски теле ва радио аппаратураларининг ишга яроқли, рангли ва қимматбаҳо қисмларини ажратиб олиш, рангли телевизорларга юқори кучлантиргич тайёрлаш бошланди. Яна бир муассаса кўп йиллар давомида шарқ услубидаги калиш ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.
1969 йилда Ўзбекистонда иккита махсус ўқув-меҳнат муассасаси тузилди, кейинчалик улар тарбиявий-меҳнат профилакториялари деб номланди, санғиб юрган дайди ва товламачилар бир жойга тўпланиб, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди ва ўтроқ ҳаёт кечиришга ўргатилди.
1977 йили Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш хизмати ташкил этилиб, 1986 йил ёзигача ИИВнинг мустақил бошқармаси сифатида фаолият кўрсатган. Унинг вазифаларидан бири шартли жазога ҳукм этилган ва шартли равишда муассасалардан озод этилганларни махсус комендатураларда сақлашдан иборат бўлиб, Республиканинг барча вилоятларида жойлашган ўнлаб қурилиш ташкилотлари ва корхоналарда шу тур маҳкумлар меҳнатидан фойдаланилган. Улар гидроузеллар, элеваторлар пахта тозалаш комбинатлари, резина — техника, «Электрохим» ва «Капролактам» заводларида, газни қайта ишлаш мажмуаларида, қурилиш бошқармаларида, тоғ-кон комбинати ва бошқа дойларга ишга жалб этилган.
Сургун қилинган ва чиқариб юборилганларни, ҳукмлари ижроси кечиктирилганларни синов муддатлари билан шартли судланганларни, маълум ҳуқуқлардан маҳрум этиш ва ахлоқ тузатиш ишларида ишлатиш бўйича вазифалар ҳам шу хизмат зиммасига юклатилганди.
Тарихдан яхши маълумки, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари “турғунлик даври” дея характерланади. Бу йилларда шўролар жамиятининг иқтисодий ва ижтимоий асослари емирилиб, мамлакатнинг ҳар жабҳасида емирилиш бошланган эди. Бу жараён Ўзбекистон ҳудудини ҳам четлаб ўтмади. Аксинча, у кенг мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан кўра айнан Ўзбекистонда кескинроқ кўринишда намоён бўлди. Коммунистик партиянинг яккаҳукмронлигини сақлаб қолишга интилган “марказ” мамлакатда тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун коррупция ва бошқа иллатларга қарши кенг кўламда кураш бошлади. Бироқ, одатдагидек, ушбу кураш ҳам мавжуд воқелик қонуниятларини ҳисобга олмасдан амалга оширила бошлангани учун кескинликларнинг юмшашига эмас, аксинча, янада кучайишига олиб келди.
“Марказ”нинг коррупцияга қарши курашни Ўзбекистондан бошлаши халқимиз бошига янгидан янги кулфатларни келтирди. Ўн минглаб қишлоқ хўжалик ходимлари, партия ва шўро идоралари раҳбарлари устидан ҳеч бир асоссиз жиноий ишлар очилиши, аслида, ўзбек миллатига қарши қатағоннинг бошланиши каби таассурот қолдирди. Бунинг натижасида республикадаги мавжуд қамоқхоналар айбсиз айбдорлар билан тўлиб кетди. Қолаверса, тузумнинг моҳиятидаги камчиликларни ҳисобга олмасдан, бутун бошли миллат вакилларини айбдор қилиб кўрсатиш сиёсати натижасида республиканинг жазоларни ижро этиш тизимига ҳам катта зарар етказилди. Матбуотда баъзан «Ўзбеклар иши», баъзан “пахта иши” деб ном берилган бу калтабин сиёсат оқибатида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига нисбатан ишончсизлик ошкор намоён бўлди. Бундан эса пенитенциар тизим ҳам четда қолмади, албатта.
Бу даврда Ўзбекистонга собиқ марказдан жазоларни ижро этиш тизими ходимларининг катта гуруҳи келди. Келган ходимлар яхши ўрганилмай, иш ва касб малакалари текширилмай, бошқарув ва қуйи аппаратнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланади, уларга навбатдан ташқари тураржой берилади, мактабгача ёшдаги болалар муассасаларидан ўринлар ажратилади, автомашина ва ҳ.к. лар берилади.
Натижада, тизимдан кўплаб маҳаллий мутахассислар сиқиб чиқарила бошлайди. Жиноятчиларни тузатиш ишига садоқат ва адолат билан хизмат қилган Фахрийлар муддатидан олдинроқ нафақага чиқиб кетишган ёки бошқа ишларга ўтиб кетади, истиқболли ёш ходимлар эса тизим муассасаларини тарк этади.
90-йилларнинг бошида Ўзбекистоннинг барча соҳалари каби жазони ижро этиш тизимидаги аҳвол ҳам ўта мураккаб эди. Минглаб ва ўн минглаб ноҳақ айблов билан қамалганлар кун кўриш учун энг оддий шарт-шароитга ҳам эга бўлмаган қамоқхоналарда зулм чекиб ётар эди. Уларнинг кўпчилиги энг оддий инсоний ҳақ-ҳуқуқлардан ҳам фойдалана олмасди. Маҳкумларни бир томондан ноҳақ айблов, ўта ёмон турмуш шароитлари қийнаса, иккинчи томондан инсон ҳақ-ҳуқуқларининг қўпол топталиши азоблар эди. Собиқ шўро тузумидан мерос қолган “касалликлар”, хусусан, қамоқ жойларида “ўғрилар дунёси” вакилларининг ҳукмронлиги маҳкумларнинг тузалиб тинч ҳаёт қучоғига қайтишига тўсқинлик қиларди. Қамоқда ўтириб чиққан киши ахлоқан тузалиш ўрнига жиноий касб-малакага эга бўлиб чиқарди. Бу эса республикадаги жиноий вазиятни янада оғирлаштирадиган ҳолат эди.
Жазони ижро этиш муассасалари тўғри йўлдан тойиб, тасодифан жиноят кўчасига кириб қолганларни тарбиялаш каби асосий вазифасини бажаролмай қолган эди. Рецивист жиноятчилар қамоқ жойларида тўла ҳукмронликни ўз қўлига олгани сабабли муассаса бошқарув органларининг обрўси жуда тушиб кетганди.
Шунингдек, қамоқдан бўшатилганлар ўз уйларига қайтганидан сўнг ҳам тинч ҳаёт қучоғига шўнғиб кетолмасди. Уларни ишга жойлаштириш, эркин ҳаётга мослашиши каби масалалар билан амалда ҳеч ким шуғулланмасди. Собиқ маҳкумларнинг кейинги тақдири давлат органларининг эътиборидан четда қоларди. Натижада, қамалиб чиққанларнинг аксарияти оз фурсат ўтмай, қайта жиноят кўчасига кириб қоларди.
Марказнинг бундай калтабин сиёсати натижасида Ўзбекистонда 1988-1991 йилларда жазоларни ижро этиш тизимининг 13 бўлинмаси, шу жумладан, 9 ёпиқ турдаги ахлоқ тузатиш — меҳнат муассасаси, 3 та манзил колония ва даволаш-меҳнат профилакторияси ёпилди.
Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий кун – халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган истиқлолнинг илк кунлариданоқ жазоларни ижро этиш тизимини ривожлантириш тарихида янги босқич бошланди.
Бироқ бу босқич илк кунларданоқ катта қийинчиликлар билан юзлашди. Чунки, тизимда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, таъбир жоиз бўлса, ечимини кутаётган муаммолар талайгина эди. Масалан, ўша кезларда тизим муассасаларидаги энг биринчи камчилик малакали кадрларнинг етишмаслиги эди. Собиқ марказдан келган кўплаб ходимларнинг иш жойларини ташлаб, юртига кетиб қолиши соҳада катта бўшлиқни юзага келтирганди. Ўзбекистон ҳудудида пенитенциар тизим учун мутахассислар тайёрловчи ихтисослаштирилган ўқув юртлари мавжуд эмасди.
Тизим муассасаларининг ҳолати ҳам замон талабига жавоб бермасди. Чунки Ўзбекистондаги сўнгги колония 1980 йилда, охирги тергов ҳибсхонаси 1967 йилда қурилганди.
Шунингдек, тизим муассасаларида озиқ-овқат ва бошқа зарурий ашёлар таъминотидаги узилишларни бартараф этиш зарур эди. Ишлаб чиқариш корхоналарини маҳаллий хомашёдан маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтказиш масаласи ҳам мураккабликлар туғдирарди.
Маҳкумларни тарбиялаш ва қайта тарбиялаш ишларида мафкуравий асосларни қайта кўриб чиқиш зарурияти эса ниҳоятда долзарб масалага айланганди. Энг муҳими, маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолатини аниқ белгилаш зарур эди. Бунинг учун янги Жиноят, Жинот ижроия ва Жиноят процессуал кодексларини амалга киритиш, илгари амал қилиб келинган меъёрий асосларни халқаро талабларга мувофиқ ҳолга келтириш керак.
Аёнки, мақсад қанчалик аниқ ва улуғвор бўлса, унга эришиш шунчалик шарафли бўлади. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, эски тузумдан мерос қолган хато ва камчиликларни тузатиш ишлари бошлаб юборилди. Жиноятчилик билан курашда жиноят-ҳуқуқий воситалар самарадорлигини оширишнинг имконини берадиган жиноят қонунчилигини яратиш вазифаси кун тартибига қўйилди.
Мустақил Ўзбекистоннинг жиноят қонунчилигини ислоҳ этиш бир масалага ойдинлик киритишни талаб қилар эди: янги қонунчилик яратиладими ёхуд амалдаги қонунлар такомиллаштириладими? Янги давлатчилик асослари барпо этилаётган ўтиш жараёнида қонунчиликни такомиллаштиришни афзал кўраётганлар бор эди. Улар, шундай қилинса, хатоларнинг олдини олиш имкони туғилади, деб ҳисоблашарди. Бироқ бундай ёндашувнинг моҳиятида ўтмишдан қолиб келаётган хатарлар ҳам бор эди. Жумладан, жиноят қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, одатда, конъюнктура тусига эга эди. Улар ҳукмрон партия идоралари иродасини ифодаларди.
Ўзбекистон Республикасининг янги Жиноят кодекси 1994 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида қабул қилинди ва 1995 йил 1 апрелдан кучга кирди.
Унда илк марта жиноят ҳуқуқи принциплари мустаҳкамланган бўлиб, улар жиноят қонунида раҳбарий ғоялар, асосий бошланғич қоидалар шаклида акс этиб, давлатнинг жиноят-ҳуқуқий сиёсати моҳияти ва замонавий тенденцияларини, шунингдек содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг асослари, доираси, шакллари ҳақидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахлоқий, маънавий, диний ва ҳуқуқий тасаввурлар намоён бўлди.
Ушбу Кодексда Жазо институти ҳам жиддий ўзгаришларга дуч келган. Жазолар рўйхати қайта кўриб чиқилиб, уларнинг янги тизими «енгилидан оғирига» принципи асосида берилган.
1997 йилда эса Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига асосланган Ўзбекистон Республикасининг янги Жиноят-ижроия кодекси қабул қилинди. Мазкур кодекс қабул қилиниши билан 1994 йилда тугатилган манзил колония институти қайта тикланди, умумий ва қаттиқ тартибли колониялар ташкил этилди. Ушбу кодекс қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида ахлоқан тарбиялаш, жамиятга мослашувини таъминлаш учун ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Албатта, истиқлол йилларидаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш жараёнида ҳар иккала кодекс қўлланилиш тажрибаси уларнинг камчиликлардан холи эмаслигини кўрсатди. Шунинг учун, жиноят ва жиноят ижроия қонунчилиги амал қилиш даврида доимий равишда такомиллаштирилиб борилди.
2001 йил 29 августда «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида» Қонун қабул қилинди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат тарихий деб тан олиниши мумкин. Чунки унинг орқасидан амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликнинг инсонпарварлик нуқтаи назаридан чуқур ислоҳ қилиниши ҳақида далолат беради.
Қонунга мувофиқ, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг марказий таркибий қисми бўлган жиноят қонунчилиги ислоҳоти давом эттирилиб, ҳуқуқий соҳанинг асосий устунлари тубдан демократлаштирилди:
- биринчидан, жиноят таркибларининг 75 фоизга яқини ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киритилди. Бундан ташқари, кўрсатилган норматив ҳужжат билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига жарима жазосини қўллашни кенгайтириш учун ҳуқуқий асослар яратилди;
- иккинчидан, жазо тизимидан жиноий жазо тури сифатида мол-мулкни мусодара қилиш чиқариб ташланди;
- учинчидан, иқтисодиёт соҳасида жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан иқтисодий таъсир кўрсатишга йўл қўйилади. Судьянинг жарима жазосини тайинлаш имконияти кўпайтирилди, етказилган зарар тўлиқ қопланган тақдирда, суд томонидан шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллашга йўл қўймайдиган нормалар сони кенгайтирилди;
- тўртинчидан, дастлабки терговда гаров, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат, кафиллик ва бошқа эҳтиёт чораларини танлаш учун ҳуқуқий доирани кенгайтириш ҳисобига қамоқ тариқасидаги эҳтиёт чорасидан бошқа турдаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш имконияти кенгайтирилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ютуқларимиз фақат шулардангина иборат эмас. Уларнинг кўлами ва аҳамияти ниҳоятда кенг. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2005 йил 1 август кунидаги «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги ҳамда 2005 йил 8 августдаги «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги Фармонларини суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш йўлидаги яна бир пиллапоя деса бўлади. Фармонларда 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосини бекор қилиш ва жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судлар ваколатига ўтказилиши қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, жиноий жазоларнинг ижросини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришнинг еттита устувор йўналишлари белгиланди ҳамда 2020 йил 1 июнга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида, янги таҳрирдаги Жиноят-ижроия кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиши вазифаси юклатилди. Қарорда белгиланган маҳкумлар ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги механизмларини жорий этиш, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш каби устувор вазифалар муҳим аҳамият касб этади.
Ҳаёт ҳеч қачон тўхтаб турмайди, у илгарилаб бораверади. Аммо шу жараёнда, тараққиётни кучайтириш мақсадида яна бир бор фикр-мулоҳаза қилиб кўрадиган, бошқача айтганда, янгиланишлар пайтлари ҳам бўлади.