"АГАР ЁЗУВЧИ БЎЛГАНИМДА..."

Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Эртамиз эгаларини ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда. Бу тизим жазони ижро этиш жойларида ҳам замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.

ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги муассасаларда жазо муддатини ўтаётган шахслар, хусусан 30 ёшгача бўлган маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг интилиш ва иқтидорларини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Ёш маҳкумларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун замонавий кутубхона, касб-ҳунар марказлари ва тўгараклар фаолият юритмоқда.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангитота туманида жойлашган 24-сон тарбия колонияси тарбияланувчилари учун мўлжалланган кутубхонада уч ярим мингга яқин китоб мавжуд. Яқинда китоб мутолааси маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган “Энг яхши китобхон”  кўрик-танловнинг якуний босқичида тарбияланувчилар “Энг фаол китобхон”, “Энг яхши ижодкор”, “Энг яхши бадиий асар талқини”, “Бадиий асар бўйича энг яхши чизилган расм” каби бир қатор номинациялар бўйича беллашишди.

Танлов шартларига кўра ғолибликка даъвогар тарбияланувчилар ўқиган китоблари ҳақида ҳикоя қилиб бердилар. "Агар ёзувчи бўлганимда..." шарти орқали эса ўзлари севиб ўқиган бадиий асарлардаги айрим эпизодларни ўзгартириш, воқеалар ривожини бошқа томонга йўналтириш, асарга эпиграф танлаш, китоб муқовасига мос расм қўйиш каби вазифаларни бажаришди. Ўзбек ва жаҳон адабиётига доир қисқа савол-жавоблар ўтказилди.

 Мазкур тадбир Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кечага уланиб кетди. Тарбияланувчилар шоирнинг шеърларидан намуналар ўқиб беришди. Тадбирга таклиф этилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова ҳамда ёш актёр Шукрулло Сўфиев билан бирга Ғафур Ғуломнинг "Шум бола" қиссасидан саҳна кўриниши  намойиш этишди.

Шундан сўнг номинациялар ғолиблари  фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланишди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари китоб тафаккурни теранлаштирувчи, воқеаларни таҳлил қилишни, дунёга очиқ кўз билан қарашни ўргатувчи манба эканлигини таъкидлашди. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси эканлигини мисоллар орқали тушунтириб беришди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, истеъфодаги полковник Зикрилла Неъмат эса ўз қаламига мансуб шеърларидан ўқиб, колония кутубхонаси учун китоблар совға қилди. Шу куни колония қошида ташкил этилган 24-сон касб-ҳунар мактабининг илк битирувчилари бўлган 38 нафар тарбияланувчига ўз эгаллаган йўналишлари бўйича сертификатлар топширилди.