ДАВОЛАШДАН КЎРА, ОЛДИНИ ОЛГАН АФЗАЛ

Халқимизда касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, деган ҳикмат бор. Чунки инсон саломатлигига вақтида эътибор қаратиб, шифокор кўригидан ўтиб турар экан, унда бошланиши мумкин бўлган хасталикларнинг барвақт олди олиниши, бу жараён даволашдан кўра анча осон ва самарали бўлиши турган гап. Шу боис ЖИЭББ тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Ҳар олти ойда эса чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган муаммолар бўйича зудлик билан профилактик чоралар кўрилади.
Жорий йилда ҳам режа ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич тиббий кўрик жараёнлари ўтказилмоқда. Бугунгача 6-сон ЖИЭК, 21-сон ЖИЭК, 24-сон ТК, 7-сон ЖИЭКларида якунланди. Серқирра тиббий кўрик Бош бошқарма Даволаш профилактик ёрдамини ташкиллаштириш бўлими ходимлари ва 23-сон МУИКнинг малакали шифокорлари томонидан олиб бориляпти. Бу борадаги ишлар билан 13-сон ЖИЭКда яқиндан танишдик. Тадбирга окулист, офтолмолог, стоматолог, психиатр, терапевт, функционал диагностика шифокори, ЎТТ шифокори ва бошқа мутахассислар жалб қилинган. Маҳкумлар тўлиқ текширувдан ўтказилиши, тўғри ва аниқ ташҳислар қўйилиши учун 13-сон ЖИЭК да ҳам шароитлар яратилган. Яқинда капитал таъмирдан чиқарилган тиббиёт бўлими биноси, флюорография хонаси ва таҳлил хонасига зарур анжомлар ўрнатилган.
— Биринчи галда асосий эътибор “Д” назоратидаги беморларга, яъни ёши катта, сурункали касали бор маҳкум-беморлар, ногиронларга қаратилмоқда, — дейди ЖИЭББ Даволаш профилактик ёрдамини ташкиллаштириш бўлими катта мутахассиси, шифокор Файзулла Олимов. — Қандайдир касаллик билан мурожаат қилган беморлар мазкур назоратга олиниб, алоҳида рўйҳати шакллантирилади. Тўлиқ даволаниб, касаллик бартараф этилгунга қадар улар “Д” назоратидаги беморлар рўйҳатида бўлади. Йилда икки марта ўтказиладиган кўрикдан ташқари ҳам бу каби беморлар муассаса шароитидан келиб чиқиб мунтазам текшириб турилади. Зарур ҳолларда эса четдан тажрибали мутахассислар жалб этилиши ёки малакали тиббий ёрдамга эҳтиёжи бўлганда беморлар тизимдан ташқаридаги даволаш муассасаларига жойлаштирилиши ҳам мумкин. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида тегишли буйруқ ишлаб чиқилган. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик билан бирга ҳар бир бемор билан алоҳида суҳбатлашилиб, соғлигидан шикояти бор йўқлиги ҳақида сўралади ва зарур тавсиялар бериб борилади. Кўпинча юрак-қон томир касалликлари билан мурожаат қилишади. Очиғи бугунги кунда кўпчилик фуқароларда юрак-қон томир борасида муаммолар бор. Бунинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан, наслий мойиллик, органзимнинг муайян касалликларга берилувчанлиги ёки бошқа омиллар. Ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларида ҳам бу каби касалликларнинг олдини олиш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, бадантарбия билан шуғулланиш масалаларига жиддий эътибор қаратилади. Қолаверса, семизлик ҳам бир қанча касалликларни келтириб чиқарувчи омиллардан биридир. Маҳкумлар орасида эса семизлик билан боғлик касалликлар деярли учрамайди, десак муболаға бўлмайди. Тиббий кўрик жараёнида ҳам маҳкумларга ва колонияларда хизмат қилаётган тиббиёт ходимларига шу каби масалаларда тавсиялар бериб бориляпти. Бир сўз билан айтганда чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг асосий мақсади касалликни эрта аниқлаш ва олдини олишдан иборат.
Саломатлик — туман бойлик, дейишади. Инсон соғ-саломат бўлса мақсадларига ўз кучи билан, меҳнати билан эришиб бораверади. Жазо муддатини ўтаётган шахсларни ҳам қайта тарбиялаш, хатоларидан хулоса қилишларига ўргатиш билан бир қаторда, соғ-саломат ҳолда оиласи бағрига қайтариш муҳим вазифалардан биридир.