Ижтимоий тармоқда тарқалган “Тошкент вилояти Охангарон тумани Ғаллақудуқ 48 -сонли колонияда касал, истимаси 10 кундан бери чиқаётган, ковид анализи аниқланмаган маҳкумларнинг конституцион хақ ҳуқуқлари поймол бўлиб, уларга эътибор берилмай, келинмоқда” с

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Ғаллақудуқ қўрғонида жойлашган жазони ижро этиш тизимидаги 48-сонли манзил-колонияси Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан суд ҳукмига кўра келган, умумий, қаттиқ тартибли колониялардан ва тарбия колонияларидан суднинг ажрими асосида ўтказилган ҳамда суднинг ажрими асосида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштирилган маҳкумлар жазо ўташи учун мўлжалланган.  

Юқоридаги модданинг учинчи қисмига мувофиқ манзил-колониясига хавфли рецидивистлар ўтказилмаслиги қатъий белгиланганлиги сабабли, мазкур манзил-колониясида хавфли рецидивистлар сақланмайди. 

Департамент тасарруфидаги барча манзил-колонияларида ўтган даврда жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги учун Жиноят кодексининг 221-моддаси тартибида (раскрутка) бирон-бир маҳкум жиноий жавобгарликка тортилмаган.

Жазо муддатлари Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари асосида ҳисобланиб, ижобий тавсифга эга бўлган маҳкумларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги тегишли судлар томонидан ажрим чиқариш таъминланган.

Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни соғлиғи ҳар қандай юқумли касаликларга чалинишини олдини олиш бўйича малакали тиббиёт пункти шифокори бириктирилган. Ҳозирги кунда манзил-колонияси бўйича жами 19 нафар маҳкумлар турли касалликлар билан Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари, шунингдек Оҳангарон туман марказий шифохонасида стационар тартибда даволаш ишлари олиб борилмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларни ҳақ-ҳуқуқларни бузилаётганлиги тўғрисидаги аниқ маълумотлар тақдим этилган тақдирда Жазони ижро этиш департаменти ёки прокуратура органлари томонидан текширув ишлари олиб борилиб, натижаси бўйича мурожаат муаллифига маълумот тақдим этилиши таъминланади.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида ёлғон ёки нохолис ахборотни тарқатиш қонунчиликка асосан жавобгарликка тортилиш учун асос бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.   

ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Ахборот хизмати