Кредитлар бериш тартиби, тушунчаси ва моҳияти жазо муддатини ўтаётган шахсларга тушунтирилди

Навоий вилояти Марказий банк Бош бошқармаси кредит бўлими бошлиғи Н.Бақоев 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган шахсларга оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш ва ишсизликка барҳам бериш масалалари юзасидан тушунчалар берди.
Шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида банклар томонидан Навоий вилоятида салмоқли ишлар амалга оширилгани, яъни жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар, жамғармалар ҳисобидан 12 852 нафар фуқаро ва тадбиркорларга 305,5 миллиард сўмлик имтиёли кредитлар ажратилиб, фаолиятлари йўлга қўйилганини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз бўлган 9 400 нафар фуқаролар, ёшлар ва хотин-қизларга 206,0 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилгани аниқ мисоллар билан тушунтирилди.
Тадбир якунида жазо муддатини ўтаётган шахслар томонидан банк соҳасига оид берилган саволларга мутасадди вакиллар жавоб беришди.
ИИВ ЖИЭД Ахборот хизмати