Халқ вакилларинг муассасага ташрифи!

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, билиб-билмай жиноят кўчасига кирган, оқибатда озодликдан маҳрум этилган шахсларни қайта тарбиялаш, фойдали меҳнатга жалб этиш билан бир қаторда, ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиниши ҳам доимо эътибордаги масала.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда ИИВ ЖИЭД масъул ходимлари мазкур масалаларда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги 2-сон ЖИЭКда бўлишди. Ташриф давомида маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар, яшаш саҳнлари, ётоқхоналар, маиший хизмат кўрсатиш жойлари билан танишиб чиқилди. Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлими, маҳкумлар ошхонаси ҳамда нон пишириш цехидаги анжомлар, зарур тиббиёт буюмлари, дори-дармонлар, овқатларнинг сифати кўздан кечирилди. Шунингдек, ташриф буюрувчилар маҳкумларнинг маънавий ва маърифий, ҳуқуқий билимларини ошириш йўлидаги амалий ишлар билан қизиқди.
Колония кутубхонасидан ташқари ҳар бир туркумда китобхонлик бурчаги ташкил этилган. Депутатлар мазкур китобхонлик бурчаклари, ўқув хоналари, колония қошидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари билан танишиб, колония кутубхонасига 50 дона бадиий китоблар тақдим қилишди.
Шундан сўнг, депутатлар маҳкумларнинг узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, маҳкумларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан телефон орқали сўзлашув хоналари, масофали видео-учрашувлар ўтказиш хоналари ҳамда Жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш хоналари ва уларда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Колония қошида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида ўз мутахассисликлари бўйича ўқиб тугатган бир неча маҳкумга мутахассислик бўйича сертификатлар топшириш маросими меҳмонлар иштирокида ўтказилди.
Ташриф давомида депутатлар маҳкумлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларга турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар бериб ўтдилар. Ўз навбатида маҳкумлар ҳам бу эътибордан миннатдор эканликларини билдиришди.
ИИВ ЖИЭД Ахборот хизмати